Қарзни чиройли адо этиш
(қайтариш)
Ассалому алайкум!
Қарзни чиройли қайтариш билан уни қайтараётган рибога айланиб қолишини фарқ қилишга сал қийналмоқдаман. Қарзни чиройли қайтаришнинг қандай шартлари бор ва уни қайси шартини бузганда у рибога айланиб қолади?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Қарзни олаётган пайтда қўшиб беришни келишиб олишса* ёки қарз берувчи бергани учун одамлар қўшиб беришни одат қилиб олиб, “барибир устига қўшиб берадида” деб қарз беришни одатга айлантириб олган бўлса ҳам рибо бўлади. Шулардан ҳоли ҳолатда қарз олиб, совғаси билан қайтарса чиройли қайтариш ҳисобланади. Агар қарз берувчи совғани кутса у ҳам жоиз эмас.** Валлоҳу аълам!
______
"Ислом молияси"дан изоҳлар:
*келишиб олишга шунга шаъма қилиш ёки бошқа қандайдир йўллар билан билдириш/етказиш (масалан учинчи шахслар орқали) ҳам киради.
**шу билан бирга, уламолар агар қарз олувчи ва берувчи ўртасида қарз олди-бердисидан олдин ҳам совға салом бериш, яъни ҳадялашиб туриш одати бўлган бўлган бўлса, у ҳолда қарз олди бердиси давомида ҳам шу каби ҳадялашиш муаммо эмас дейишган. Лекин, қарз берган томон қарздордан берган қарзи эвазига бирор нима кутиши жоиз иш эмас экан. Албатта, бу инсонни қалбининг иши, яъни ташқаридан туриб ҳеч нима деб бўлмайди, лекин ҳар биримиз қалбимизга қулоқ тутишни ҳам ўрганишимиз керак.
Шу ўринда, қуйидаги жуда муҳим фиқҳий қоидани ёдга олишимиз зарур деб биламиз:
«Ишлар мақсадларига боғлиқдир - الأمور بمقاصدها»
“Ал-умур би мақосидиҳа” – Ишлар мақсад-ниятларга боғлиқдир. Ушбу қоида ҳар бир иш, сўз ёки амал орқали бўлсин, мақсад-ниятига қараб турли натижа ва ҳукмларга олиб бориши ҳақида.
Мазкур қоида барча ниятга боғлиқ фиқҳ масалаларини, жумладан ибодат, битимлар, амаллар ва муносабатларни қамраб олади. Инсоннинг амаллари унинг ният-мақсадига қараб баҳоланди. Яъни, муайян бир амалнинг ёки келишувнинг натижаси ўша амал нияти ёки келишув мақсадига мувофиқ бўлиши керак. Хусусан, шартномаларда ҳам асосий эътибор сўзлар ва уларнинг ташқи тузилишига эмас, балки мақсад-моҳиятига қаратилади.
Валлоҳу аълам.
✈️ @IslomMoliyasi канали