Бош вазир ўринбосари Қамашида аёллар бандлиги бўйича ишлар билан танишди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Маҳкамова Қамаши туманида бўлиб, аёллар бандлигини таъминлаш, ҳунармандчиликни ривожлантириш ва аҳоли даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Оқгузар маҳалласида ташкил этилган каштачилик тўгараклари фаолияти кўздан кечирилди. “Шаҳрисабз ҳунармандлар кластери” уста-тикувчилари томонидан ишсиз хотин-қизларга каштачилик ва гиламдўзлик йўналишида ҳунар ўргатилмоқда. Бугунги кунга келиб, 250 нафар хотин-қиз ўқув курсларининг биринчи ва иккинчи босқичида иштирок этмоқда. Улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар асосан Туркия бозорига экспорт қилинади.
Йил якунига қадар умумий ҳисобда 500 нафар хотин-қизни ўқувга қамраб олиш, уларга доимий даромад манбаи яратиш режалаштирилган. Ҳозирда ўртача ойлик даромад ҳар бир ҳунар ўрганган хотин-қиз учун 4,5–6 миллион сўм атрофида бўлмоқда.
Суҳбат давомида туманда етиштирилаётган ипак хомашёсини Қамашининг ўзида қайта ишлаш, яъни ипакчилик занжирини тўлиқ маҳаллийлаштириш бўйича таклиф билдирилди.
Шунингдек, Зулайхо Маҳкамова Манғит маҳалласида бўлиб, маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари билан учрашди. Мулоқот чоғида бандлик, миллий қадриятларга содиқлик, аҳоли даромадини ошириш, аёлларнинг иқтисодий фаоллигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, маҳаллада Роза Ражабова томонидан амалга оширилаётган тикувчилик лойиҳаси билан яқиндан танишилди. Айни вақтда мазкур марказда хотин-қизлар парда, кўрпача ва аёллар либослари тайёрлаш орқали ўз даромадини топмоқда.
Gov.uz |Facebook | Telegram |Instagram| Youtube