📌 Германиянинг “Schaeffer Nutraceuticals” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
🔴Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Германиянинг етакчи компанияларидан бири - “Schaeffer Nutraceuticals”
вакиллари билан учрашди.
✅ Учрашувда томонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Компания раҳбарияти дастлабки бизнес-режа ва ишлаб чиқариш дастурини тақдим этиб, мақсадлари нафақат Ўзбекистон бозори, балки бутун Марказий Осиё бозорларига кириш эканлигини таъкидлади.
❗️ Музокаралар давомида фармацевтика ва нутритсевтика бозорларини тартибга солиш, маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш ва ишлаб чиқариш муддатлари, шунингдек, яширин айланма муаммоси муҳокама қилинди. Дори воситаларини қалбакилаштириш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Data Matrix тизимини жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, БФҚ сегментида шартнома асосида ишлаб чиқариш ва импорт ўрнини босиш имкониятлари кўриб чиқилди.
✅ Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни изчил давом эттириш, зарур ахборот материалларини тақдим этиш, лойиҳани рўйхатдан ўтказиш ва мослаштириш жараёнларини тезлаштириш, шунингдек, қурилиш ишларини бошлашга тайёргарлик кўриш тўғрисида келишиб олдилар.
❗️ Маълумот учун:
“Schaeffer Nutraceuticals” - Vitaprotein® патентланган технологияси асосида инновацион нутритсевтика ва нутрикосметика воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Германия компаниясидир. Компаниянинг Viproactive® ва Navimeso® брендлари остидаги маҳсулотлари 20 йилдан ортиқ биотехнологик тадқиқотларга асосланган юқори биологик мавжудлиги ва самарадорлиги билан ажралиб туради. Компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари EU GMP стандартлари бўйича сертификатга эга.
Website | Telegr>am | Instagram | Facebook | Youtube | linkedin>