#ШЕЪРИЯТ
ОЗ ҚОЛДИ
Изтиробдир, қадрдон, озуқамиз ҳижрондир,
Меросимиз топталган, маҳзундир, паришондир.
Шунда ҳам чекиниш йўқ, азизим, имтиҳондир,
Мазлумларни ҳар қони ғалабадан нишондир,
На кўнгулларда севинч, руҳлар оқ қоғоз қолди,
Олдинга қараб югур, ғалабага оз қолди!
Ўлкамни ўйлаганда ор хаёллар келмоқда,
Минг турли Абраҳалар, қора филлар келмоқда,
Энди давр ўзгарди, абобиллар келмоқда,
Иброҳим боғчасидан ғунча гуллар келмоқда,
Оламга ҳайқиражак, қутлуғ бир овоз қолди,
Олдинга қараб югур, ғалабага оз қолди!
Нуради сиртимизда бўй чўзган ваҳший девор,
Ҳайкаллар парчаланди, қайталанмоғи душвор,
Тупроқдан қўпчиб чиққан умид бор, ҳаяжон бор,
Ҳар юлинган гуллардан қайта жонланди баҳор,
Офтобдан чекинди қиш, қуруқ бир аёз қолди,
Олдинга қараб югур, ғалабага оз қолди!
Ироданг оят-оят ҳайбатланган билакдир,
Дуода икки кафтинг икки ҳур капалакдир,
Сенинг қутлуғ раҳбаринг на жиндир, на малакдир,
У бир инсони комил, ижобат бир тилакдир,
Ундан бизга абадий саодатли соз қолди,
Олдинга қараб югур, ғалабага оз қолди!
Лойқаланган булоқлар аста-секин тинади,
Мўъминнинг дуосига малаклар ҳам кўнади,
Тўзғиб кетган бу уммат яна бахтга дўнади,
Адолатли интизом, бахтли низом қуради,
Жаҳолатнинг қўлида лаънатланган соз қолди,
Олдинга қараб югур, ғалабага оз қолди!
Бу қон ҳидли жуғрофя, қичқириқлар сеники,
Кўзи ёшли шон тарих, ҳайқириқлар сеники,
Ер юзида мазлумнинг бутун ҳаққи сеники,
Минг йиллик тараққиёт, илғорликлар сеники,
Аммо шу илғорликдан сенга доим без қолди,
Олдинга қараб югур, ғалабага оз қолди!
Иккиланма қадрдон, зайли замон биз тараф,
Чўғимиздан юксалган янги туман биз тараф,
Энг сўнги сўз Илоҳий буюк фармон биз тараф,
Дунё душман бўлса ҳам, кучли иймон биз тараф,
Самоларнинг эшигин очажак ниёз қолди,
Олдинга қараб югур, ғалабага оз қолди!
Остонада кутишлар зиён энди, қадрдон,
Фажри содиқ яқиндир, уйғон энди қадрдон,
Оловларда тобландинг, омон энди қадрдон,
Тур ўнгидан келмоқда рўёнг энди, қадрдон.
Золимлар учун қарор берилди: инфоз қолди,
Фақат олдинга югур, ғалабага оз қолди!
©️ Нуруллоҳ Генч
©️ Таржимон Маҳбубий
📨 Постни яқинларингизга ҳам улашинг!
Расмий канал👇
📱 @AbrorMuxtorAliy