🇺🇿🇺🇳Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги тарихий нутқи
✔️- бу, нафақат мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш, балки инсоният учун тинчлик, барқарор ривожланиш ва адолатли дунё тартиботини шакллантиришга қаратилган изчил ва ҳаётбахш ташаббуслар мажмуаси бўлди.
🇺🇿 Давлатимиз раҳбари дунёдаги мураккаб геосиёсий вазият, хавф-хатарлар ва глобал муаммоларни қайд этган ҳолда, уларнинг ечими йўлида аниқ таклифлар берди, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг тинчликсевар, очиқ ва ҳамкорликка тайёр давлат сифатидаги қатъий сиёсий позициясини яна бир бор намоён этди.
🟢Айниқса, камбағалликни қисқартириш, таълим ва инновацияларга йўналтирилган ислоҳотлар, “яшил” ва барқарор тараққиёт, ёшлар масаласи бўйича билдирилган фикрлар барча давлатлар, айниқса ривожланаётган давлатлар учун ўзига хос дастуриламалдир, десак муболаға бўлмайди.
✔️ Президентимизнинг “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни ташкил этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифи – бу ёш авлод сиймосида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳаётий ташаббусдир.
🟢Давлатимиз раҳбарининг мазкур нутқи барча давлатларни мулоқот, ўзаро ҳурмат ва яқин ҳамкорлик асосида биргаликда ҳаракат қилишга ундовчи муҳим чақириқ бўлди. Парламент вакиллари сифатида биз ҳам бу йўлда барча куч-ғайратимизни албатта сафарбар этамиз.
✅Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг ушбу тарихий нутқи том маънода жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби, халқчил давлат раҳбарининг ўткир сиёсий қарашлари ва чақириқлари ифодаси, қудратли Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги тамомила янги сиёсий имижининг юксак намойиши бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов.
✅ Kun mavzusi