Ўзбекистонда сифатли сервис яратиш — тадбиркор учун энг оғриқли ва чарчатадиган жараёнлардан бири. Бу муаммонинг илдизи чуқур: кадрлар савиясидан тортиб, умумий иш маданиятигача.
Кўпчилик "нарх, тезлик ва сифат" учбурчагида адашиб қолади. Ҳамёнбоп, тезкор ва айни пайтда юқори сифатли хизмат кўрсатиш деярли имконсиз вазифа. Учбурчакнинг икки томонини танласангиз, учинчиси доим "оқсайди".
Бу ботқоқликдан чиқишнинг ягона йўли "кайзен"дек кўринади. Лекин, ўрта ва катта бизнесда ўша ўзгаришларни кўриб биладиган, уни амалга ҳам ошириб биладиган, нархи ўз малакасидаги шартли Россиялик ёки Қозоғистонлик мутахассисдан қиммат бўлмаган топ менежер топишнинг ўзи катта муаммо.
Сифатли хизмат — "спринт" эмас, бу — марафон. Бу — тезкор натижа кутмасдан, ҳар куни, ҳар ҳафта тинимсиз равишда жараёнларни 1%га бўлса-да яхшилаб бориш демакдир. Бу — йиллар давомида тўғри жамоани шакллантириш, ходимларни ушлаб қолиш, ҳар бир ходим онгига сифат стандартини сингдириш ва хатоларни дарҳол тузатадиган назорат тизимини яратиш.
Бу жуда секин, асабни эговлайдиган ва қиммат йўл. Лекин Ўзбекистон шароитида барқарор ва сифатли сервис қуришнинг бундан бошқа самарали усули, афсуски, ҳозирча кўринмайди.
PS: Пост ижтимоий тармоқда мижознинг ҳақорат аралаш ёзилган навбатдаги постидан кейин ёзилди.
PS2: Asaxiy мингта буюртмага тўғри келадиган муаммолар камлиги бўйича Ўзбекистонда топ брендлардан бири эканлигига, 11 йилда шаклланган тизим сифатига ишонаман. Лекин, олдинда сифат масаласида жуда кўп ишимиз бор.
#servis #biznes