Терговда шахсни яланғочлаш
ЖПКда шахсни терговда, гувохлантиришда яланғочлаш билан боғлиқ бир неча алоҳида талаблар мавжуд. Қуйида ушбу нормаларга эътиборли бўлинг.
🔹 Далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш жараёнида фуқароларнинг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қўриқлаш таъминланиши керак. Шу мақсадда тергов ёки суд ҳаракатлари билан боғлиқ ишларни бажараётганда, суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ва ишда мутахассис ёки эксперт сифатида иштирок этаётган шифокорлардан бошқа шахсларнинг ўзга жинсдаги шахсни яланғоч қилиб ечинтириш чоғида ҳозир бўлишлари тақиқланади. (88-моддаси)
🔹 Шахсни ечинтириб яланғочлаш ёки унинг баданидаги тирналган, шилинган, қонталаш жойларни аниқлаш билан боғлиқ бўлган гувоҳлантириш суриштирувчи, терговчи ёки суднинг топшириғига биноан шифокор ёхуд бошқа мутахассис тиббий ходим томонидан ўтказилиши белгиланган. Гувохлантириш ечинтириб яланғочлаш билан боғлиқ бўлса, алоҳида хонада шифокор ёки бошқа мутахассис томонидан, гувоҳлантирилаётган шахснинг жинсидаги холислар иштирокида ўтказилади. (146 ва 445-моддалар)
🔹 Эксперт текшируви учун намуналар олиш яланғоч бўлишни ёки алоҳида касб махоратини талаб этадиган бўлса, суриштирувчи, терговчи ёки суднинг топшириғига биноан намуналарни шифокор ёки бошқа тиббий мутахассис олиши белгилаб қўйилган. Шифокор, бошқа мутахассис, холислар намуна олинувчи шахс билан бир жинсда бўлишлари лозимлиги қайд этилган.(189 ва 196-моддалар)
🔹 Шахсий тинтув ўтказишда шахсни яланғочлаш лозим бўлса, шахсий тинтув жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш тақиқланган. (224-модда).
👉 @bahodirahmedoff