Инсон қарз туфайли, пул туфайли оқ бўлиши мумкинми?
14630-савол
Ассалому алайкум. Сиздан илтимос, саволимга жавоб беринг. Бошқа иложини тополмай, сизга хат йўлладим. Мен хорижда яшайман, дадам, онам Ўзбекистонда қолишган. Ҳозирда жуда катта миқдорда пул қарз бўлиб қолганман. Шу қарзларимни тўлай олмаяпман. Буни дадам, онам ҳам билишарди, лекин дадам фоизга нарса олган эдилар, шу нарсанинг пулини бера олмаганим учун мендан хафа бўлиб юрибдилар. Мендан рози эмас эканлар. Ўзим ибодатдаман. Аллоҳ хоҳласа, ҳамма қарзимни тўлайман, дейман, лекин дадамлар мендан ранжиганларига нима қилишни билмаяпман. Бу ёқда қарздор бўлиб турибман. Қарз берган инсон қўймай, тўполон қиляпти. У ёқда дадам пул сўраяптилар. Иккала тараф ҳам аҳволимни тушунишни исташмаяпти. Нима қилай, маслаҳат беринг. Бир инсонга: «Қарздан қутулиш дуоси бор», деган экансиз. Агар оғир тутмасангиз, шу дуони тўлиқ ёзиб юборинг, илтимос. Мен яшаётган юртда Исломга тегишли китобларни топиш жуда қийин. Агар дадам мендан воз кечсалар, яъни оқ қилгудек бўлсалар, шу масала бўйича Исломда нима дейилади? Инсон қарз туфайли, пул туфайли оқ бўлиши мумкинми? Ахир қўлимда бўлмаса, улар тушунишмаса, менда нима айб? Сиздан илтимос, тўлиқ қилиб, ҳадислардан келтириб жавоб ёзинг, қандай йўл тутай? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
- Ва алайкум ассалом! Фоизга олган қарз туфайли оқ қилса, ҳеч нарса бўлмайди.
ҚАРЗНИ УЗИШ ДУОСИ
عَنْ عَلِيٍّ، أَنَّ مُكَاتَبًا جَاءَهُ فَقَالَ: إِنِّي قَدْ عَجَزْتُ عَنْ مُكَاتَبَتِي فَأَعِنِّي، قَالَ: أَلَا أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ عَلَّمَنِيهِنَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَوْ كَانَ عَلَيْكَ مِثْلُ جَبَلِ ثَبِيرٍ دَيْنًا أَدَّاهُ اللهُ عَنْكَ، قَالَ: «قُلِ: اللَّهُمَّ اكْفِنِي بِحَلَالِكَ عَنْ حَرَامِكَ، وَأَغْنِنِي بِفَضْلِكَ عَمَّنْ سِوَاكَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
«Бир мукотаб Али розияллоҳу анҳунинг олдига келиб: «Мен келишилган маблағни топиб беришдан ожиз бўлдим. Менга ёрдам беринг», деди. «Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ўргатган калималарни ўргатиб қўяйми? Агар зиммангда Сабийр тоғича қарз бўлса ҳам, Аллоҳ уни сендан узади. «Аллоҳумма икфинии биҳалолика ан ҳаромика ва иғнинии бифазлика амман сивока», дегин», деди».
Термизий ривоят қилган.
Мукотаб – хожаси билан маълум маблағ эвазига озод бўлиш учун шартнома ёзган қул.
Сабийр – Ямандаги бир тоғнинг номи.
Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Менга ҳалолинг ила ҳаромингдан кифоя қилгин. Ўз фазлинг ила мени Ўзингдан бошқалардан беҳожат қилгин».
Ким ушбу дуони ният ва ихлос билан фарз намозлардан кейин ўқиб юрса, Аллоҳ таоло унга қарзини узишда ёрдам беради.
(Батафсил)
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077
©️ @savollarislomuz
✅ Манба
➡️ Каналга уланиш