#Хоразм_вилояти
#Ўрг
аниш
“Гулшан” маҳалласида: замонавий тараққиёт ва ижтимоий ҳамжиҳатлик сари
Юрт равнақи маҳалла ҳаётида ўз ифодасини топади. Чунки маҳалла — бу инсонлар тақдири билан узвий боғлиқ бўлган энг муҳим ижтимоий маскан, халқнинг кундалик турмуши ва эҳтиёжлари намоён бўладиган майдондир. Мамлакатимизда маҳалла тизимига катта эътибор қаратилмоқда. Шу орқали инсон қадри, оила фаровонлиги ва аҳоли турмуш сифати юксаляпти.
Шу нуқтаи назардан, Урганч шаҳрида жойлашган “Гулшан” маҳалласи ҳаёти, “еттилик” фаолияти билан танишувимиз ҳар жиҳатдан самарали кечди. Даставвал идора масъуллари билан танишдик. Маҳалла раиси Умидбек Сапаев, ҳоким ёрдамчиси Бунёд Аширов, хотин-қизлар фаоли Ҳурматой Алланазарова, ёшлар етакчиси Шоҳрух Эгамберганов, солиқ инспектори Алишер Мадримов, ижтимоий ходим Бону Отеповалар аҳоли билан яқин мулоқотда бўлиб, ҳар бир хонадон муаммосини аниқлаш ва ҳал этишга жиддий ёндашмоқда.
Шубҳасиз, бугунги кунда ўзининг намунавий фаолияти билан улар алоҳида эътирофга арзигулик ишларни амалга оширган. “Гулшан” 39 гектар ҳудудни қамраб олган бўлиб, “яшил” тоифага киритилган. 2 минг 655 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 1 минг 299 нафари аёллар, 1 минг 356 нафари эса эркаклардир. Шу билан бирга, 96 нафар фуқаро хорижда меҳнат қилмоқда.
Маҳалла таркибида 590 та хонадон ва 916 та оила рўйхатдан ўтган. Бу рақамлар аҳоли таркиби ва демографик ҳолатдан ташқари, маҳалланинг ижтимоий ҳолати анча барқарор эканини ҳам намоён этади. Бу ерда турмуш тарзи жонли иқтисодий ҳаёт билан уйғунлашган. Чунки маҳаллада 15 та савдо дўкони, 5 та умумий овқатланиш шохобчаси, 25 та дорихона ва 4 та шифохона фаолият кўрсатиб, аҳолининг турли эҳтиёжларини қондирмоқда.
Бу кўрсаткичлар маҳалланинг замонавий инфратузилмаси шаклланиб, тадбиркорликка кенг йўл очилганидан далолат беради. Аҳолининг ижтимоий қатламлари билан боғлиқ маълумотларга кўра, маҳаллада 434 нафар пенсия ёшидаги фуқаро ва 65 нафар ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, зарур ижтимоий кўмак бериш масаласи доимий эътиборда.
Шунингдек, “Аёллар дафтари”га 96 нафар хотин-қиз киритилган бўлса, “Ёшлар дафтари”да ҳозирда ёзувда турганлар йўқ. Маҳалла ижтимоий ходими томонидан олиб борилган хатлов жараёнида 57 та камбағал оила аниқланган, уларнинг 42 тасини йил якунига қадар реестрдан чиқариш белгилангани ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигидан далолат беради.
Маҳалланинг яна бир муҳим кўрсаткичи — бандлик масаласининг самарали ҳал этилганидир. Йил бошида ишсизлар сони 216 нафарни ташкил этган бўлса, бугунга келиб уларнинг барчаси иш билан таъминланган. Бу эса маҳаллада ишсизликка барҳам бериш, аҳоли даромад манбаини кенгайтириш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда амалий қадамлар қўйилаётганини кўрсатади.
Жараён давомида “Гулшан” маҳалласи нафақат турмуш учун қулай муҳит, балки замонавий тараққиёт, инсон қадри ва ҳамжиҳатлик маскани эканига шубҳа қилмадик. Мулоқотда мамлакатимизда маҳалла институтининг ижтимоий ҳаётдаги нуфузи ошиб бораётгани бўйича фикр алмашиб, тадбиркорлик, томорқачиликни ривожлантириш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича муҳокамалар олиб бордик.
Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram